Этноспорт фестивали бўлиб ўтмоқда
Мирзо Улуғбек номидаги Марказий боғ ҳудудида этноспорт турлари бўйича “Uzbekistan Ethno Games” Республика фестивали бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирда Спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари, тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ходимлари фаол иштирок этмоқда. Фестиваль доирасида миллий спорт турлари, халқ ўйинлари ва қадимий анъаналарни акс эттирувчи кўргазмали чиқишлар, мусобақалар ва жамоавий беллашувлар ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда миллий спорт турлари ва этноспортни кенг оммалаштириш, ёш авлод, айниқса болалар ва ўсмирларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини оширишдан иборат.
Фестиваль давомида иштирокчилар ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий ўйинлари ва спорт анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда. Шунингдек, турли жамоалар ўртасидаги беллашувлар тадбирга янада қизиқарли ва кўтаринки руҳ бағишламоқда.

“Uzbekistan Ethno Games” Республика фестивали миллий қадриятларни асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда жамиятда спорт маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётган муҳим спорт байрамларидан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА