Самбо: Мамлакат чемпионатида Самарқанд ва Навоий жамоалари етакчиликка эришди
Тошкентда самбо бўйича ёшлар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионатининг шиддатли беллашувларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 400 нафарга яқин маҳоратли спортчи самбо ва жанговар самбо йўналишида, шунингдек, пара самбо баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Ёш самбочи қизлар ўртасидаги беллашувлар сарҳисобига кўра, умумжамоа ҳисобида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиққан Навоий вилояти 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни Сурхондарё(12-0-1), Сирдарё (1-1-0), Қашқадарё (1-0-0) жамоалари банд этди. Совринли ўринларга эгалик қилишда 1 та кумуш ва 7 та бронза медаль соҳиби бўлган пойтахт жамоаси етакчиликни қўлга киритди.

Ёш самбочи йигитлар баҳсида Самарқанд жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медаль жамғарган ҳолда умумжамоада етакчиликка эришган вазиятда, 1 тадан олтин, кумуш ва 3 та бронза медали тўплаган хоразмликлар иккинчи поғонани банд қилди. Кейинги қаторлар 1 тадан олтин медални қўлга киритган Қашқадарё ва Тошкент вилояти жамоаларига тегишли бўлди.

Жанговар самбо мусобақаларида пойтахт жамоаси 3 тадан олтин ва бронза медалларига сазовор бўлди ва юқори поғонани банд этди. Кейинги ўринлар Хоразм, Андижон ва Навоий вилояти вакилларига насиб этди.
Чемпионатда илк бор ўтказилган пара самбо мусобақаларида Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Навоий вилоятининг матонатли спортчилари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА