“Президент Олимпиадаси” ва “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” расман старт олди
Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг 2026 йилги мавсумига тантанали равишда старт берилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, шунингдек, спорт федерациялари ҳамда ОАВ вакиллари, спортчилар иштирок этди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу мусобақалар мамлакатимиз бўйлаб ёш ва иқтидорли спортчиларни аниқлаш, уларни тизимли равишда саралаб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда мазкур лойиҳанинг қамрови йил сайин кенгайиб, унинг нуфузи ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, 2025 йилда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари 15-17 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида 10 та спорт тури бўйича ташкил этилган бўлса, жорий йилда мусобақалар доираси янада кенгайтирилди. Эндиликда 13-14 ёшли спортчилар (бадиий гимнастика йўналишида 11-12 ёшлилар) 21 та олимпия спорт тури бўйича беллашувларда иштирок этади. Мусобақалар уч босқичли тизим асосида — “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси”, “Ҳоким олимпиадаси” ҳамда “Президент олимпиадаси” шаклида ўтказилиши белгиланди.

Жорий йилги мавсумнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, дастурга қатор янги спорт турлари киритилди. Жумладан, волейбол, гандбол, бадминтон, қиличбозлик, теннис, соҳил волейболи, сузиш, велоспорт (шоссе), чим устида хоккей ва велотрек каби йўналишлар мусобақалар таркибидан ўрин олди. Бу эса ёшлар ўртасида спорт турларини оммалаштириш, соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ва иқтидорли ёшларни кашф этишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ушбу йирик спорт лойиҳаси мамлакатимизда ёшлар спортини янги босқичга олиб чиқиш, иқтидорли спортчиларни тизимли равишда саралаш ҳамда уларни халқаро майдонларда муносиб иштирок этишга тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА