Халқаро шахмат федерацияси жорий йил 28 март-16 апрель кунлари Кипрда бўлиб ўтадиган “Номзодлар турнири”нинг илк жуфтликлари рўйхатини эълон қилганидан сўнг, таниқли гроссмейстерлар мазкур турнирда 8 нафар иштирокчидан кимнинг имконияти юқорилиги тўғрисида ўз фикр ва муносабатларини билдира бошлади.
Биз учун эътиборли жиҳати, биринчи рақамли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторовнинг “Номзодлар турнири” иштирокчилари ва ундан кимнинг етакчиликка муносиблиги хусусидаги муносабати бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Абдусатторов “FIDE Candidates 2026” ҳақида фикр билдирар экан, у мусобақа фаворити сифатида америкалик Фабиано Каруанани кўрсатди.

Жаҳон чемпионлиги матчи эҳтимоли ҳақида гап кетганда ҳам Нодирбек Каруанага устунлик берди.
Тахминан 60/40 Фабиано фойдасига. Амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражунинг ҳам у билан яхши натижалари борлигини таъкидлаб, лекин барибир Фабианонинг имконияти баландроқ эканлигини билдириб ўтди.
Нодирбекнинг тахминига кўра, “Номзодлар турнири” Каруана учун ҳал қилувчи босқич ҳисобланади.
– Бу жуда катта тўсиқ. Агар, у шу босқичдан ўта олса, ишончи янада ошади ва матчда жуда жиддий рақибга айланади, – деди Нодирбек.
У шунингдек, “Номзодлар турнири” иштирокчиси ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха ва ҳамюртимиз, 2025 йилги жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров ҳам яхши имкониятга эга эканлигини айтиб, иккисидан фақат бирини танлаш керак бўлса, устунлик Жавоҳир томонда эканлигини аргументлар асосида келтириб ўтди.
Журналистларнинг “Агар, Жавоҳир “Номзодлар турнири”ни ютиб, сиздан Жаҳон чемпионлиги тожи учун курашда ёрдам беришни сўраса, рози бўлармидингиз, деган саволига: “ҳа, албатта”, деб жавоб қайтарди.
Т.Рўзиев, ЎзА