Дубай Гран-присининг илк кунида 4 та медаль қўлга киритилди
БААнинг Дубай шаҳрида пара енгил атлетика бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро мусобақа старт олди. Дунёнинг қатор мамлакатларидан кучли спортчилар жам бўлган нуфузли баҳсларнинг дастлабки куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди.
Мамлакатимиз вакиллари биринчи кун дастурида 3 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Жумладан, ядро улоқтириш баҳсларида Хуршид Қодиров, Баротжон Бахтиёров ҳамда Толиббой Йўлдошев кумуш медалга сазовор бўлди. Яна бир ҳамюртимиз Жасур Хўжаев ушбу дастурда бронза медалини қўлга киритиб, жамоамиз ҳисобини янада бойитди.
Шу тариқа, мусобақанинг илк куниёқ терма жамоамиз аъзолари совриндорлар сафидан жой олиб, юртимиз байроғини халқаро майдонда яна бир бор юксакка кўтарди.
Бугун ҳам спортчиларимиз бир қатор йўналишларда иштирок этади. Хусусан, ядро улоқтириш баҳсларида Ойбек Бердияров (17:00) ва Азизбек Абдукаримов (17:05), булава улоқтириш дастурида Маҳлиё Акрамова (17:10) стартга чиқади. Шунингдек, 100 метрга югуриш мусобақасида Баротжон Бахтиёров (17:30) ҳамда Содиқжон Мамадиев (18:00) баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА