"Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги"нинг совриндорлари аниқланди
Пойтахтимизда диний соҳа ходимлари ўртасида волейбол ва шахмат бўйича ўтказилган “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичи чинакам спорт байрами кўринишини олди.
Волейбол мусобақаларининг саралаш баҳсларида шижоатини намойиш этган Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилояти жамоалари ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Айланма тизимда ўтган ярим финал ўйинларидаги кўрсаткичларга кўра, Самарқанд ва Навоий жамоалари 3-ўрин учун, Қашқадарё ва Қорақалпоғистон волейболчилари 1-ўрин учун кураш олиб борадиган бўлди.
Байрамона кечган ўйинлар натижасида Қашқадарё вилояти жамоаси рақибларини 2:0 ҳисобида доғда қолдириб, “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги”га эга чиқди. 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига, 3-ўрин самарқандликлардан устун келган Навоий вилояти волейболчиларига насиб этди.

Мусобақанинг шахмат баҳсларида Тошкент вилояти вакили Абдулазизхон домла Аҳмадҳўжаев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, кейинги поғоналарни Қорақалпоғистон Республикаси вакили Абдулкабир домла Идрисов ва фарғоналик Ниёзбек домла Пайғамов эгаллади.

Мусобақада Наманган вилояти вакили Мухторжон домла Юнусов турнирнинг энг яхши ўйинчиси номинацияси ғолиби деб топилди.
Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар тегишли даражадаги диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА