Спорт соҳасига хусусий сектор жалб этилади
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Иқтисодиёт ва молия ҳамда спорт вазирликлари, МОҚ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасадди раҳбарлари иштирокида спорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш каби масалаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда спорт соҳасини барқарор ривожлантириш, молиявий ресурслардан самарали фойдаланишда хусусий секторни жалб этиш, ҳомийлик кўмакларини кўрсатиш ташаббусида бўлган тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга турли имтиёзлар бериш, ташаббускор тадбиркорларни спорт федерацияларининг ижроқўм аъзолигига сайлаш каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув давомида жорий йилда федерация ва ассоциациялар фаолиятини, шунингдек, миллий терма жамоаларни молиялаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар спортчиларнинг тайёргарлик жараёнини янада такомиллаштириш, халқаро мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида спорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш орқали замонавий менежмент ва рақобат муҳитини шакллантириш, спорт соҳасига ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва шаффоф йўналтирилишини таъминлаш, шунингдек, вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА