Марказий Осиё ва Шимолий кенгаш давлатлари илк бор Тошкентда тўпланди
Бугун Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да “Марказий Осиё – Шимолий кенгаш” давлатлари биринчи форуми иш бошлади. Тадбир Марказий Осиё мамлакатлари ва Шимолий кенгашга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, инновация, таълим ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида тажриба алмашиш мақсадини кўзлаган.
Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швецияни бирлаштирган Шимолий кенгаш моделини ўрганишга бағишланган ушбу формат миллий суверенитетни сақлаган ҳолда умумий меҳнат бозори, паспорт иттифоқи, энергетика, экология ва маданият соҳаларидаги қатор қўшма дастурларни ўзлаштиришга қаратилган самарали минтақавий ҳамкорлик намунаси сифатида қайд этилмоқда.
– Форум сессиялари тоза энергия ва стратегик хом ашё ресурслари, Шимолий интеграция моделининг аҳамияти, таълим, инсон капитали ва рақамлаштириш каби муҳим мавзуларни қамраб олган, – деди МОХИ етакчи илмий ходими Озод Танбоев. – Шимолий кенгаш давлатларининг айни йўналишдаги тажрибасини татбиқ этиш нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун фойдали.
[gallery-26307]
Дипломатлар, етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, бизнес ҳамжамияти иштирок этаётган тадбирда Шимолий инвестиция банки ва Шимолий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар амалга ошириш имконияти ҳам муҳокама қилинди.
– Бундай самарали мулоқотлар бизга Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистондан кўп жиҳатларни ўзлаштириш имконини беради, – дейди Финляндиянинг ЮНЕСКО бўйича Миллий комиссияси раиси, филология фанлари доктори Тейво Тейвонен. – Зеро, Россия ва Хитой каби йирик давлатлар билан икки ва кўп томонлама, асосийси прагматик ташқи сиёсат олиб бориш усуллари шимолликлар учун ҳам жуда қизиқ.
Форум эртага ўз ишини давом эттиради.
Д. Ҳакимов, О. Пардаев (сурат), ЎзА