Ховосда 40 мингдан ортиқ кўчат экилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу тадбирларда Сирдарё вилояти аҳолиси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Бугун Тошкент вилоятида давлат раҳбари иштирокида видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирга Ховос тумани масъуллари ҳам тўғридан-тўғри уланиб, кўчат экиш ва боғдорчиликни ривожлантиришга оид топшириқлардан хабардор бўлишди. Президент ўз кириш сўзида барқарор боғдорчиликни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди.

Ховос туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, туман ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилган амалиёт ва семинарларда тажрибали боғбонлар ва мутахассислар кўчат экишнинг илмий асослари, тупроқ ҳосилдорлигини ошириш, самарали сув ҳавзаси ва боғдорчилик технологиялари бўйича тавсиялар берди.

Тадбир давомида туманнинг 11 та маҳалласида 40 мингдан ортиқ 9 турдаги (олма, анжир, ёнғоқ, беҳи, олхўри, нок, гилос, шафтоли, ўрик) сифатли мева кўчатлари “Ҳар бир хонадон – ўз боғига эга” тамойили асосида аҳолига тарқатилди ва экиш ишлари амалга оширилди.


Ушбу ташаббус нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, балки аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, шунингдек, маҳаллий ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа вилоятлар, хусусан, Сирдарёда ҳам барқарор боғдорчиликни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА