Сирдарё вилоятида Ўқитувчи ва мураббийлар куни — умумхалқ байрами кўтаринки руҳда нишонланди. Эрталабдан устозлар Гулистон шаҳридаги "Зомин" тантаналар уйида бир пиёла чой устида самимий суҳбат қуришди.
Кун давомида вилоят бўйлаб турли учрашув ва тадбирлар ўтказилиб, кечқурун амфитеатрда катта байрам дастури бўлиб ўтди. Унда бутун умрини илм ва тарбияга бағишлаган устоз ва мураббийлар алоҳида эътибор билан қадрланди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, сирдарёлик устоз ва мураббийларни байрам билан қутлади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўқитувчиларнинг шаъни ва ҳурмати юксалиб, уларнинг меҳнатини қадрлайдиган муҳит шаклланаётганини таъкидлади.
– Таълим-тарбия ҳар доим жамият учун ҳаётий масала бўлиб келган. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган илк кунлариданоқ таълим соҳасига устувор аҳамият қаратди. Бугун сизу биз ана шу оқилона сиёсат самарасини кўриб турибмиз, – деди вилоят раҳбари.
Сўз давомида таълим соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, вилоятда 200 га яқин педагог 10 миллион сўмдан ортиқ маош олиб ишламоқда. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод қилинди, улар учун шаффоф аттестация тизими жорий этилди, Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари очилди. Мактабгача таълимда қамров кўрсаткичи 84 фоизга етди.
2024–2025 ўқув йилида Сирдарё битирувчиларининг 17,6 фоизи халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди. Улардан 70 нафари маҳаллий олийгоҳларга, 38 нафари эса хорижий олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Вилоят ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 11 та совринли ўринни қўлга киритишди. Шунингдек, Сирдарёлик абитуриентларнинг давлат олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи ўтган йилги 13-ўриндан 4-ўринга кўтарилди.
– Бу натижаларга эришишда устозларимиз ва таълим фидойиларининг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз қайси масалада селектор йиғилиши ўтказмасин, сўзини илм ва тарбияга боғлайди. Чунки замонавий билимлар орқалигина юртимиз тараққиётга эришади, – деди Эркинжон Турдимов.

Шунингдек, Сирдарёда педагогик маҳорат маркази учун янги замонавий бино қурилаётгани, маҳаллий бюджетдан 18 миллиард сўм йўналтирилгани таъкидланди.

Тадбирда узоқ йиллар халқ таълими соҳасида хизмат қилган Ҳамза Эшназаров, Абдуғани Жўлиев, Абдуғаффор Шукуров, Саодат Файзиева каби фидойи устозлар номи алоҳида эҳтиром билан тилга олинди. Шунингдек, жорий йилнинг ўзида 40 нафар сирдарёлик ўқитувчи Президент Фармони билан юксак мукофотларга сазовор бўлди.
[gallery-25565]
Улар орасида Моҳидил Зияева, Дилдора Тишликова ва Омон Сувонов каби соҳа фидойилари борлиги барчада фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

– Ҳар бир давлатнинг куч-қудрати унинг зиёлилари билан белгиланади. Таълимнинг обрўси эса муаллимнинг салоҳиятида намоён бўлади. Устоз ҳурмати бизнинг қадимий қадриятларимиздандир, – деди сўзининг якунида вилоят раҳбари.


Шундан сўнг, соҳа фидойиларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалар топширилди. Байрамнинг тантанали қисми пойтахт ва маҳаллий санъаткорлар иштирокидаги театраллаштирилган концерт билан давом этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири