Жаҳон чемпионига уй совға қилинди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимиз тарихида 23 ёшли ўсмирлар ўртасида юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпиони Алишер Ғаниевга Фарғона шаҳридаги Экошаҳар – “Янги Ўзбекистон” массивидан квартира калитини топширди.
Вилоят ҳокими чемпионни ютуқлари билан қутлаб, юртимизни дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшишга бундан кейинги фаолиятида ҳам омад ва зафарлар тилади. Катта ғалабаларни кутиб қолишга умид ва ишонч билдирди.
Маълумот ўрнида Алишер Ғаниев Бувайда туманида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 1-босқич талабаси. Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси.
У 2024 йил октябрь ойида Албания пойтахти Тирана шаҳрида бўлиб ўтган спорт курашлари бўйича U23 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида -60 кг вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон тарихида 23 ёшли ўсмирлар ўртасида юнон-рум кураши бўйича 1-жаҳон чемпионига айланди.
М.Сулаймонов, ЎзА