Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган "Буюк ипак йўли" халқаро бокс турнирининг илк кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасидан 9 нафар боксчи рингга кўтарилди.
Мусобақада 10 га яқин давлатдан 200 нафардан ортиқ боксчи 25 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб бормоқда.
Турнир доирасида кеча Грузия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон спортчилари билан бўлиб ўтган жанглар якунларига кўра, 6 нафар боксчимиз рақибларини мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. 3 нафар вакилимиз эса мусобақани тарк этди.
Бугун, 12 апрель куни мусобақанинг иккинчи босқичи доирасида яна 12 нафар боксчимиз саралаш жангларида рингга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоасидан 20 нафар эркак ва 8 нафар аёл боксчи иштирок этмоқда. Турнирнинг финал жанглари 14 апрель куни бўлиб ўтиши белгиланган.
Т.Рўзиев, ЎзА