Наманган вилояти жамоаси “Раҳбар кубоги"да ғолибликка эришди
Пойтахтда "Раҳбар кубоги" мини-футбол финали бўлиб ўтди. Минг нафардан зиёд ходимларни қамраган мусобақа мамлакатда оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга хизмат қилди.
Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги юртимизнинг турли гўша ва маҳаллаларида ўтказилаётган тадбир ва мусобақаларда ўз аксини топмоқда.
Ташкилот ва вазирлик тизимларида меҳнат қилаётган аҳоли вакиллари ўртасидаги оммавий мусобақалар натижасида қисқа фурсатда минг-минглаб кишилар спорт мусобақаларига, машғулотларга жалб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича ўтказилган "Раҳбар кубоги" мусобақанинг вилоят, туман ва шаҳар босқичларида 1 минг 631 нафар ходимлар иштирок этганлиги соғлом турмуш тарзи тамойиллари минглаб оилаларни қамраб олаётганлигидан далолат, дейиш мумкин.
Бугун, 21 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” майдонида "Раҳбар кубоги"нинг республика финал босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.

Унда ҳудудий босқич ўйинларида ғолибликка эришган жамоалар иштирок совринли ўринларга даъвогарлик қилди. Икки кунлик муросасиз баҳслар натижасида Наманган вилояти жамоаси 1-ўринни, Спорт вазирлиги вакиллари иккинчи ва Навоий вилояти жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
"Раҳбар кубоги"нинг ғолиб ва совриндорлари кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА