Ҳаво гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати
Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабида ҳаво гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Бутунжаҳон ҳаво-куч атлетикаси федерацияси (Global Aerial Power Athletics Federation— GAPAF) томонидан Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси кўмагида ташкил этилган мусобақада АҚШ, Бразилия, Туркия, Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Ўзбекистондан 100 нафардан зиёд спортчи мураккаб, мувозанат ва эгилувчанлик машқларини бажармоқда.
Иштирокчилар 7-40 ёш ва ундан юқори бўлган тоифаларни қамраб олади. Чемпионатда болалар, ўсмирлар, катталар, фахрийлар ҳамда ҳаваскор спортчилар тоифалари ҳам иштирок этмоқда. Ушбу спорт тури цирк санъати элементлари, бадиий ва спорт гимнастикаси ҳамда акробатикани ўзида бирлаштирган экстремал спорт туридир.
Ўзбекистонлик спортчилар расмий спорт тури сифатида бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполин ва спорт акробатикаси билан шуғулланади. Шу боис мазкур спорт тури юртимизда ноолимпия ва мустақил клублар спорти сифатида шаклланмоқда.
[gallery-32643]
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, ҳаво гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатининг Самарқандда ўтказилиши қадимий кентнинг халқаро спорт маркази сифатидаги нуфузини ошириш, спорт туризмини ривожлантириш, маҳаллий атлетларнинг жаҳон даражасидаги спортчилар билан беллашиб, катта тажриба тўплашига ҳамда келгусида юртимизда ушбу спорт турининг оммалашишига хизмат қилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари