Статистикага кўра, ўтган йили вояга етмаганлар томонидан 3,5 мингта жиноят содир этилган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари содир этган. Мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Миллий гвардия ҳамкорлигида махсус Ишчи гуруҳ тузилди ҳамда бу борада келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар режаси тузиб чиқилди.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова маълум қилди.
Таъкидланишича, эндиликда ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокидаги “мактаб — ота-она — маҳалла” ҳамкорлиги узвий ташкил этилади. Шу мақсадда ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиш кўрсаткичлари ҳаққонийлигини таъминлаш учун “e.maktab elektron kundalik”ка ўқитувчилар ва синф раҳбарлари томонидан ўз вақтида қайдлар киритиб борилади.
Республикадаги барча мактабларга ота-оналарга юбориладиган “Огоҳлантириш хати” намуналари етказилган бўлиб, бу орқали дарсда иштирок этмаётган ўқувчилар оила аъзоларининг масъулияти ва жавобгарлиги ҳам оширилади. Эндиликда мактаб масъуллари томонидан шу намунадаги “Огоҳлантириш хати” тезкор равишда ўқувчиларнинг яшаш манзилларига етказилади.
Бунда ота-оналарнинг ўз фарзандларининг мактабга боришини таъминлаш масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси МЖтК 47-моддаси мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилган. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир мактабга Миллий гвардия офицерлари бириктирилди.
Шунингдек, ҳафтада камида бир маротаба Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари иштирокида болаларнинг маънавияти, тарбияси ва давомади бўйича ота-оналар билан учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий этилмоқда.
Жумладан, ўқувчиларнинг дарсда мунтазам иштирокини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун тўгарак ва машғулотларни кўпайтириш, ушбу жараёнларга ота-оналар ва ҳудуддаги фаол фуқароларни кенг жалб этиш бўйича аниқ вазифалар амалга оширилади.
Мазкур вазифалар ижроси бўйича ўтган уч кун давомида Миллий гвардия билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор чоралар натижасида 1000 дан ортиқ мактабда ўқувчилар давомади ўрганилди. Сурункали ёки мунтазам дарс қолдираётган 451 нафар ўқувчининг дарсга қатнашиши таъминланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА