
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир, таржимон, моҳир ижодкор Асрор Мўмин 70 ёшга тўлди.
Устоз журналист 1954 йил 14 январь куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қўйтош қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган.
Шоирнинг “Ширин олма”, “Мунир ишқ”, “Умрим фасллари”, “Навоийнома”, “Шукур. Сабр. Умид!" каби кўплаб шеърий китоблари нашрдан чиққан. Шу билан бирга “Умид ва Орзу”, “Анна ва Збигнев” достонлари, “Расул Ҳамзатов”, “Қуш тили” ва “Ҳазрат Навоий” драмалари эълон қилинган.
Асрор Мўмин маҳоратли таржимон сифатида жаҳон адабиётининг бир қадар мумтоз намуналари, Лев Толстойнинг “Ҳожимурод” қиссаси, Қайсин Қулиевнинг “Қиш эди...” романи, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” бадиаси, Роберт Рождественскийнинг “Шаҳидлар ёди” ва Давид Қуғултиновнинг “Шоҳмотчи” достонлари сингари асарларни она тилимизга ўгирган.
Журналист сифатида у “Сенинг юлдузларинг, Ватан!", “Ёлғиз сенга юкундим, юртим”, “Дунё мўъжизалари”, “Ўзбекистон фарзандиман”, “Анна Герман” номли ўндан зиёд публицистик китоблар муаллифидир. Асрор Мўмин ижодида миллий ўзлик, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, юртга садоқат, фидойилик туйғусида камол топтириш, ибратли анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ғояси устувор ўрин тутади.
Заҳматкаш ижодкор турли йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Спорт” газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, “Кўзгу” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррир ўринбосари, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида 1-тоифали муҳаррир, етакчи мутахассис, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетасида самарали меҳнат қилган.
Асрор Мўмин Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси саналади. Ижодкорнинг меҳнатлари истиқлол йилларида юксак қадрланиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотланган.
Асрор Мўмин Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги – ЎзАнинг фаол муаллифларидан биридир. Ишонамизки, ижодкор билан ҳамкорлигимиз узоқ йиллар самарали давом этади. Асрор Мўминни таваллуд куни ва табаррук 70 ёшга тўлгани билан чин юракдан табриклаймиз. Ижодкорга мустаҳкам саломатлик тилаймиз ва албатта, ундан янгидан-янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.
Н.Усмонова, ЎзА