“Дастурхонлар дўстлиги” миллий маданиятлар ранг-баранглигини намойиш этди
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали доирасида Миллий маданий марказлар павильонида “Дастурхонлар дўстлиги” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди. У турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмаси, миллий либослар намойиши ҳамда рақс кечасини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижий меҳмонлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Кўргазмада Ўзбекистонда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар томонидан турли халқларнинг ўзига хос миллий таомлари, пазандачилик анъаналари ва дастурхон безаш маданияти намойиш этилди. Меҳмонлар ҳар бир халқнинг гастрономик мероси, миллий таомларининг тайёрланиш тарихи ва ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, тадбир доирасида миллий либослар намойиши ташкил этилиб, унда турли миллатларнинг тарихий кийиниш маданияти, амалий безак санъати ва эстетик қарашлари акс эттирилди.
Рақс кечасида эса миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва миллий рақслар фестиваль иштирокчиларига байрамона кайфият улашди ҳамда маданиятлар уйғунлигининг ёрқин намунасини намоён этди.
[gallery-30627]
Тадбир давомида иштирокчилар турли миллатларнинг урф-одатлари, анъаналари ва миллий қадриятлари билан яқиндан танишиш, ўзаро мулоқот қилиш ҳамда маданий алмашинувни мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
Эътироф этилганидек, “Дўстлик” фестивали доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг бой маданий меросини кенг тарғиб этиш ҳамда “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА мухбири