Тезкор шахмат (рапид ва блиц) бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати жорий йил декабрь ойининг сўнгги кунларида пойтахтимизда ўтказилиши мумкин.
Яқинда ФИДЕ комиссияси вакиллари пойтахтимизга келиб, тегишли мажмуалар, зарур объектлар билан танишиб кетди. Лекин ҳали ушбу жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилиши бўйича шартнома имзолангани йўқ. ФИДЕ шартномани жўнатган. Лекин ҳали маблағ масаласида келишувга эришилмаган.
Регламентга биноан ФИДЕ жаҳон чемпионатининг 50 фоизини кўтариши керак. Ўзбекистон томони эса қолган қисмини. Ушбу жаҳон чемпионати аслида Ҳиндистонда ўтказилиши керак эди. Аммо, кўпчилик шахматчилар, ФИДЕ ижроия қўмитаси вакиллари мусобақани Тошкентда ёки Дубайда ўтказиш таклифини илгари сурган. Бу борада молиявий масалалар ўз ечимини топса, тезкор шахмат бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати пойтахтимизда уюштирилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионати ўтган йили Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда Магнус Карлсен ҳам рапид, ҳам блиц йўналишида жаҳон чемпионлигига эришган.
Т.Рўзиев, ЎзА