Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бир гуруҳ тадбиркорлардан иборат делегация аъзолари айни кунларда Япония давлатида бўлиб, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, воҳанинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, инвестиция ва туризм имкониятларига оид тақдимотлар ҳамда маҳсулотлар экспорти юзасидан музокаралар ўтказмоқда.
Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Анвар Орипов бошчилигидаги делегация аъзолари “Japan Conservation Engineers & Co. LTD” компанияси вакиллари билан учрашувда Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) гранти ҳисобидан Сурхондарё вилоятида ерлар шўрланишининг олдини олиш, шўр ерларни ўзлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувга эришди.
“Nippon Investment Operating Corporation” (NIOC) компанияси билан Сурхондарё вилоятида тальк хом ашёсини қайта ишлаб, маҳсулотни Японияга экспорт қилиш учун қиймати 2 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида вилоят ҳокимлиги ва ишбилармонлар доираси вакиллари 20 дан ортиқ нуфузли япон компаниялари ҳамда япон тадбиркорлари иштирокида бизнес-семинар ташкил этди. Унда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, туризм хизматларини кўрсатиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига қизиқиш билдирган корхоналар мутасаддилари билан музокаралар ўтказилиб, 12 миллион долларлик шартнома имзоланди.
Сафар чоғида шунингдек, “Alpha Gakuin” институти ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида Термиз шаҳрида Ўзбекистон – Япония технологик университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Лойиҳа доирасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тиббиёт ва ҳамширалик, меҳмонхона менежменти, автомобилсозлик, япон тилини ўргатиш каби йўналишларда талабаларни ўқитиш, профессионал таълим бериш ва касбга ўргатиш режалаштирилган.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти бош директори Т.Наказато билан учрашувда томонлар JICA ҳамкорлигида жанубдаги воҳада амалга оширилаётган лойиҳаларни муҳокама этди. Кун чиқар мамлакатнинг Хоккайдо префектурасига сафари чоғида бўлиб ўтган учрашувда Сурхондарё вилояти ва Хоккайдо префектураси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, маданият, меҳнат ресурслари соҳаларида ҳамкорлик қилиш, қўшма тадбирлар ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида Японияда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ҳамда нуфузли компанияларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашув ўтказилиб, улар билан турли соҳаларда мамлакатимиз иқтисодиётига Япониянинг замонавий тажриба ва янги технологияларини жорий этишда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят делегациясининг сафари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА