Япониялик туроператорлар Сурхондарёнинг туризм салоҳияти билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятининг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Япониянинг етакчи туркомпаниялари вакилларидан иборат делегациянинг воҳага ташрифи ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация вилоят ҳокимлиги ва туризм соҳаси масъуллари томонидан кутиб олинди. Меҳмонларга ҳудуднинг тарихий обидалари, маданий мероси ва туризм имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари учун инфо-турлар ташкил этилиб, Сурхондарёнинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик масканлари намойиш этилди. Меҳмонлар Ал-Ҳаким ат-Термизий мажмуаси, Зурмала, Фаёзтепа ва Қоратепа археологик ёдгорликларида бўлиб, мазкур объектларнинг тарихи ва туристик аҳамияти билан танишди.
[gallery-30044]
Шунингдек, делегация аъзолари Шеробод ва Бойсун туманларидаги диққатга сазовор масканларга ташриф буюриб, ҳудуднинг ўзига хос табиати, миллий қадриятлари ва туризм салоҳиятини ўрганди.
Ташриф якунида япониялик туроператорлар воҳанинг бой тарихий мероси, бетакрор табиий манзаралари ва туризм имкониятлари уларда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Сурхондарёнинг халқаро туризм бозоридаги жозибадорлигини ошириш ҳамда ҳудудга хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА