24 июль куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуман давомида Ўзбекистон Республикасининг ушбу тузилмадаги раислиги доирасида ШҲТнинг асосий тадбирларига тайёргарлик жараёни ҳамда 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида тасдиқлаш учун тақдим этилиши режалаштирилган 30 дан зиёд ҳужжат лойиҳалари муҳокама қилинади.
Тўрт кун давом этадиган тадбирда қатнашчилар 28-29 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш ишларини ҳам таҳлил қилишади.
Юқори даражадаги саммит чоғида ШҲТ доирасида қатор йўналишларни қамраб олувчи ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Шу маънода мамлакатимизнинг асосий истиқболларидан бири – транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йилги ШҲТ саммитида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш ва ташкилот фаолиятининг бошқа муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилади.
ШҲТ Миллий координаторлари кенгаши йиғилиши 27 июлга қадар давом этади.
[gallery-8023]
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА