Самарқанд вилоятида 12 та экотуризм, 3 та этнотуризм, 5 та экстремал туризм йўналиши сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, Орзу Маҳмудов кўчасида гастрономик туризм йўналишидаги хизмат кўрсатиш шохобчалари самарали фаолият юритмоқда. Ноанъанавий туризм йўналишларининг ривожланиши мамлактимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони кўпайишига хизмат қилмоқда. Вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси томонидан янги ташкил этилган туризм хизматлари ҳамда Ургут ва Каттақўрғон туманларидаги чўмилиш жойлари фаолияти билан танишиш мақсадида уюштирилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари бунга гувоҳ бўлди.

Каттақўрғон ва Қоратепа сув омборлари ҳудудида ташкил этилган дам олиш масканлари маҳаллий туристлардан ташқари, хорижликларни ҳам ўзига жалб қилмоқда.

– Бугунги кунда туризмни ривожлантиришнинг энг муҳим шарти қонун доирасида ташриф буюраётган сайёҳларга барча шароитларни яратишдан иборат, – дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. – Шуни инобатга олган ҳолда вилоятимизда сайёҳларнинг талаб ва истакларига мос тарзда янги йўналишларни ташкил этиш ишлари самарали давом этмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 14 та меҳмонхона, 28 та меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилиб, туроператорлар сони 10 тага ошди. Вилоятимизга ташриф буюрган сайёҳларга нафақат тарихий обидаларни, балки табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, миллий урф-одат ва анъаналаримиз билан танишиш, миллий таомлардан баҳраманд бўлиш имкониятини яратиш орқали уларнинг саёҳати давомийлигини оширишга ҳаракат қиляпмиз.

Каттақўрғон ва Қоратепа сув омборлари ҳудудида ташкил этилаётган пляж зоналарнинг фаолият бошланганлиги туристлар оқимини сезиларли ошишини таъминламоқда. Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Каттақўрғон туманида бўлиб, туманда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Кўпчиликка маълум, туманда тиббиёт туризми анча ривожланган. “Эргаш ота” шифо масканига хориждан кўплаб меҳмонлар келади. Ушбу шифо маскани жойлашган ҳудудда фаолият бошлаган “Нурафшон” меҳмонхонаси 30 ўринга мўлжалланган. Меҳмонхона жойлашган “Қозоқовул” қишлоғидан Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ташкил этилган дам олиш масканларигача бўлган масофа 15 километр. Ушбу меҳмонхона фаолият бошлаганига эндигина бир ой бўлган бўлса-да, шу вақт оралиғида 100 нафардан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатилди.

– Меҳмонхонанинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил қилади, – дейди “Гулазизам сервис” МЧЖ раҳбари Шамшод Узоқов. – Халқ банкидан бир миллиард сўм кредит олиб фаолиятимизни бошлаган эдик. Бугунги кунгача бинодаги қўшимча хизмат кўрсатиш шохобчалари билан бирга 1 миллиард 800 миллион сўм қийматидаги ишлар амалга оширилди. Меҳмонхона туманда ташкил этилиши режалаштирилаётган туризм кластери фаолиятини инобатга олган ҳолда бунёд этилди. Режага мувофиқ, ташриф буюрувчиларга сиҳатгоҳдан ташқари пляж зоналарда ҳордиқ чиқариш, туманимизнинг тоғли ҳудудларида ташкил этилаётган экотуризм мажмуаларида дам олишни ўз ичига олган тур пакетлар ишлаб чиқилади.

Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ташкил этилган пляж зоналарида чўмилиш, қайиқларда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилган. Айни пайтда ҳудудда ўнга яқин тадбиркор томонидан ташкил қилинган дам олиш масканлари фаолият юритмоқда. Туман ҳокимлиги масъулларининг таъкидлашича, ҳудуднинг тасдиқланган режасига мувофиқ, дам олиш масканлари сони ўн бештага етказилади. Ҳар бир дам олиш маскани ўзига хос хизмат турлари билан сайёҳлар эътиборини жалб қилади. Хусусан, “Ошин она” номли дам олиш маскани пресс-тур иштирокчилари эътиборини тортди.

– Кўпчилик ташқи кўринишим, тинимсиз меҳнат қилишимга қараб машҳур кинофильм қаҳрамони Ошинга қиёслаб, шундай лақаб қўйишган, ҳатто набираларим ҳам ўз исмимни унутиб, Ошин она деб мурожаат қилади, – дейди тадбиркор Хайринисо Бобоқулова. – Шу туфайли дам олиш масканимизнинг номи ҳам шундай аталди. Аслида тадбиркорлик фаолиятимни умумий овқатланиш шохобчаси ташкил қилиб бошлаганман. Асосан балиқ пишириш билан шуғулланамиз. Мўъжаз ошхонамизни юртимизни турли бурчакларидан излаб келувчилар бор. Ушбу ҳудудда дам олиш марказлари ташкил қилиниши эшитиб, ўз таклифимни туман ҳокимлигига бергандим. Мана бугун фаолиятимизни бошлаб, 60-80 кишига хизмат кўрсатиш имконига эга дам олиш масканини ишга туширдик. Айни пайтда вилоятимиздан ташқари Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларидан ҳам дам олувчилар келмоқда. Келгусида шароитларни янада яхшилаб, қўшимча хизмат турларини оширишни мақсад қилганмиз.

Ургут туманининг Қоратепа сув омбори ҳудудида “Tourist SKD” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил қилинган хизмат кўрсатиш ва дам олиш маскани ҳам секин-аста сайёҳлар билан гавжумлашмоқда. Умумий майдони 2 гектарни ташкил этувчи дам олиш масканининг умумий лойиҳа қиймати 17 миллиард сўм.

– Бугунги кунгача 3 миллиард сўмлик иш бажарилди, – дейди тадбиркор Шерзод Рофиев. – Лойиҳа бўйича ҳудудда йигирмага яқин 3 сотихли меҳмон уйлари бунёд этилиши белгиланган. Айни пайтгача 9 таси қурилиб, биноларни пардозлаш, ички таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бугунги кундаги муҳим ишларимиздан бири асосий йўлдан дам олиш масканигача бўлган 1,5 километр ички йўлни асфальт қилишдан иборат. Ҳудуд М-39 автомагистрали ёнида жойлашган. Шунингдек, ёнимизда Тешиктош табиат мўъжизаси экотуризм объекти бор. Шу боис ташриф буюрувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Муҳими, етарли шароитни яратишимиз керак. Ҳозирда фақатгина қайиқларда сузиб саёҳат қилиш, белгиланган ҳудудда чўмилиш хизматлари йўлга қўйилган. Бугунги кунда сайёҳлар сони 100 нафардан ортиқни ташкил қилмоқда. Меҳмон уйларини ишга туширсак сайёҳлар сони янада ортади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари соҳадаги келгуси истиқболдаги режалар, сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш, янги хизмат турлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллардан батафсил жавоб олди.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат), ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каттақўрғонлик “Ошин она” нинг фаолияти кенгаймоқда