Самарқанднинг янги сайёҳлик манзиллари
Бир пайтлар сархил мева-сабзавотлари, миришкор деҳқон ва боғбонлари билан билан тилга тушган Самарқанд тумани бугун бетакрор сайёҳлик манзиллари орқали ҳам юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
Туманнинг тоғ бағрида жойлашган Оҳалик, Оқбўйро, Миронқул маҳаллалари, бир неча асрлик ҳунармандлик анъаналарини асраб келаётган ва шу туфайли юртимизда биринчи туризм қишлоғи мақоми берилган Конигил қишлоғи, тарихий обида ва муқаддас қадамжолари билан машҳур Хўжа Аҳрори Валий мажмуаси айни чоғда Самарқанднинг муҳим сайёҳлик нуқталари ҳисобланади. Айниқса, гўзал манзараси ва мусаффо табиати билан йилнинг тўрт фаслида ҳам кишиларни ўзига ром этувчи тоғли ҳудудларда бугун сайёҳлик асосий драйверга айланиб, янги объектлар, дам олиш масканлари ташкил этилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2024 йилнинг 6 февралда қабул қилинган “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак хато қилмаган бўламиз.
– Мазкур қарор билан Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқул маҳаллаларидаги 5 минг гектар тоғли ва тоғолди ҳудудларни ўз ичига олган “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилди, – дейди Самарқанд тумани ҳокими Сирожиддин Усмонов. – Ҳозирда мазкур ҳудудда 170 га яқин кичик ва 50 дан ортиқ йирик дам олиш масканлари мавжуд бўлиб, маълумотларга кўра, баҳор ва ёз ойларида 1,1 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келган. Айни пайтда рекреацион зонасидаги 350 гектар ер майдони бўйича мастер-режа ишлаб чиқилган ва 85 та ер майдони Е-AUKSION савдоларига қўйилган. Уч маҳаллада этнотуризм, экотуризм, агротуризм ва экстремал туризмни ташкил этиш мақсадида 185 та лойиҳани ишга тушириб, туристлар сонини 2,7 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Ҳудуддаги 8 та туризм лойиҳаси инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 34,1 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бу сайёҳлик манзиллари ва дам олиш масканларига борадиган йўлларни таъмирлаш ва кенгайтириш, сув, электр тармоқлари тортиш, интернет алоқасини йўлга қўйишга йўналтирилмоқда. Бунинг натижасида қўшимча 15 та туристик объект ташкил этилади. Йил якунига қадар 2700 ўринга мўлжалланган 9 та меҳмонхона, 36 та хостел, 96 та оилавий меҳмон уйи очилади ва жойлаштириш воситалари 974 тага, ўринлар сони 24 700 га етказилади. Шунингдек, 18 та овқатланиш маскани, 40 та савдо нуқтаси фаолият бошлайди. Ҳудудда ҳаво шарлари, параплан, осма дор йўли сингари замонавий туристик хизматлар йўлга қўйилади. Натижада 10,2 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми таъминланади. Умуман, 2026-2027 йилларда туристик-рекреацион зонада 250 дан ортиқ янги лойиҳа ишга тушириб, туризмни ривожлантириш орқали 2000 дан кўпроқ иш ўринлари яратилади, аҳоли даромади кўпайтирилади ва бюджетга 67 миллиард сўм қўшимча маблағ тушишига эришилади.
[gallery-30272]
Яқинда туристик-рекреацион зонадаги Оқбўйро маҳалласида “Zarra Resort” дам олиш маскани лойиҳасининг биринчи босқичи якунланиб, фойдаланишга топширилди. 7 гектар майдондаги мажмуа замонавий меҳмонхона ва дам олиш хизматларини ўзида мужассам этган бўлиб, кейинги босқичлари якунлангач, йилига 300 минг нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатади.
Айни пайтда ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилаётган Миронқул маҳалласидаги “EDELVEYS” дам олиш маскани эса йилига 420 минг сайёҳга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, бу ерда нафақат дам олиш, балки саломатликни ҳам тиклаш мумкин.
– Мазкур лойиҳа 50 гектар майдонни ўз ичига олади ва дастлабки босқичда 34 гектар майдонда қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, – дейди “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси раҳбари Фаридун Ҳотамов. – Бу ерда иккита катта меҳмонхона, элликдан ортиқ дам олиш масканлари ёзги ва қишки чўмилиш ҳавзалари ташкил этилди. Меҳмонхоналар санаторий типида бўлиб, нафас йўллари касалликларини даволаш учун зарур жиҳоз ва ускуналар ўрнатилмоқда. Муҳими, дам олиш маскани ва унинг атрофида шу пайтгача 73 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди, арчазорлар ташкил этилди ва бу иш давом эттирилиб, ҳар йили 10 минг туп Қрим қарағайи ўтқазилмоқда. Шу ойнинг якунига қадар очилиши кутилаётган масканда дастлаб 200 дан ортиқ, лойиҳа тўла ишга тушгач, 800 га яқин янги иш ўрни яратилади. Янги дам олиш маскани ташкил этилиши билан Миронқул маҳалласи ва бу ердаги бошқа сайёҳлик манзиллари инфратузилмаси ҳам янгиланди. Жумладан, 5,5 километр масофада асфальт ётқизилиб, пиёдалар йўлаклари ташкил этилди, шунча масофада тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Иккита кўприк таъмирланди. Сайёҳлик зонасида биринчи босқичда амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар шу йилнинг август ойида тўлиқ ишга тушади ва сўнгра иккинчи босқичга киришамиз. Миронқул, Оҳалик ва Оқбўйро маҳаллаларини боғловчи дор йўли қурилиши, парапланда учиш ва зиплайн ташкил этиш иккинчи босқичнинг энг катта ва асосий лойиҳалари ҳисобланади. Шунингдек, ёшлар учун фаол туризм йўналишларини ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган квадросикл, отда сайр қилиш, камондан ўқ узиш хизматларини ташкил этиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 июнда қабул қилинган “Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида жойлашган Самарқанд давлат техника университети ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига тегишли бўлган оромгоҳларни Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига бериб, 2026 йил охирига қадар белгиланган тартибда самарали фойдаланиш ва (ёки) инвесторларга реализация қилиш учун бир ой муддатда “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси дирекциясига ўтказиш белгиланди. Миронқул маҳалласидаги тоғ бағрида жойлашган, жами 28 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳларнинг дирекцияга берилиши ҳудудда янги дам олиш масканлари ташкил этиш ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши табиий.
Бугунги кунда Самарқанд туманидаги Конигил ва Оқбўйро маҳаллалари туризм қишлоғи мақомига эришган бўлиб, мазкур ҳудудларда сайёҳлик жадал ривожланмоқда. Мазкур тармоқда банд бўлган аҳоли сони ошиб бораётир. Келгусида Оҳалик, Миронқул ҳамда Жўйи Аббос маҳаллаларига ҳам туризм қишлоғи мақоми берилиши учун мазкур ҳудудларнинг ўзига хос тарихий кўриниши, анъана ва қадриятлари сақланган ҳолда зарур инфратузилма яратилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари