Ўқувчилар репетитор ёрдамисиз университетларга кира олмаяпти, айб кимда ва сабаб нима?
Ўқувчиларнинг мактабда олган билимлари билан олий таълим остонасига йўлай олмасликлари бугунги куннинг оддий ҳақиқатига айланиб улгурди.
Ўқувчиларнинг мактабда олган билимлари билан олий таълим остонасига йўлай олмасликлари бугунги куннинг оддий ҳақиқатига айланиб улгурди.
Давлат тест имтиҳонларига қўшимча яна икки фаннинг қўшилиши, ота-оналарнинг чўнтагига қай даражада таъсир этади? Оддий ҳақиқат эса фарзандини 11 йил мактабда ўқитган ота-она яна камида икки йил ўқув курслари учун харажат қилмаса, олий ўқув юртидан умидини узади.
Ўқувчиларни Давлат тест маркази имтиҳонларига тайёрлаш борасида мактаблар деярли етарли тажрибага эга эмас.
Нима учун бугун мактабда 11 йил ўқиган ўқувчи қўшимча дарсларсиз имтиҳонларга кира олмаяпти? Мактабларда билим бериш савияси шунчалар пастми ёки давлат тест марказининг талаблари юқорими?
Айни шу савол ва муаммолар юзасидан Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Пресс-кофеда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти вакиллари ва Ўзбекистондаги мавжуд 5 партия етакчи аъзолари ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Ўзбекистон экологик партияси матбуот хизмати раҳбари Эркин Омоновнинг айтишича, мактаб ўқувчиларни давлат тест имтиҳонларига тайёрлай олмаслигида Халқ таълими вазирлигининг айби йўқ.
Олий таълим тизими педагогларни тайёрлашда сусткашликка йўл қўймоқда.
“Педагоглар тайёрлай олмаган абитуриентларни, умуман педагогик тажрибаси бўлмаган ўқитувчилар махсус ўқув курсларида тайёрламоқдалар. Ўқув курслари ўқитувчиларининг асосий қисми педагоглар эмас. Улар иқтисод ёки бошқа йўналиш бўйича дипломга эгалар”, дейди Эркин Омонов.
Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши сектор мудираси Гулшан Асатова ота-оналарнинг репетитор ва бошқа курсларга қўшимча харажат қилишга мажбур бўлаётганларини оқламаслигини маълум қилди.
“Барча ота-оналарнинг ҳам фарзандини қўшимча ўқитишга маблағи етмайди. Оқибатда иқтидорли болалар олий ўқув юртларига кира олмаслиги мумкин. Мактаб таълими савиясини назорат қилиш лозим. Бу муаммо парламент даражасида ўрганилиши керак ”, деди Гулшан Асатова
“Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси Мунира Қаҳҳорова ўқув курсларнинг олий таълимга тайёрлаш адабиёт ва қўлланмалари мактаб дарсликларига нисбатан мукаммалроқ эканлигини қайд этди.
“Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раисининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Баҳром Бурҳониддинов репетиторлик муаммосида таълим вазирлигининг айби йўқ, деб билмоқда. Унинг фикрича, тест тизими абитуриентларни тестларни ёдлаб имтиҳон топширишга мажбур қилмоқда.
“Ўқувчи репетиторга нима учун боради? У билим олиш учун бормайди. Тест вариантларини ёдлагани боради. Бу вазиятда муаммонинг сабабчиси тест тизимидир”, дейди Баҳром Бурҳониддинов.
Ўзбекистон либерал демократик партиясининг аёллар билан ишлаш бўйича етакчи консультанти Нилуфар Отаева мактаб дарслари соатида етарли билим олишга улгурмаган ўқувчи қўшимча курсларда ўқишга мажбур, дея таъкидламоқда.
Муҳокамада маълум бўлдики, партияларнинг таклифлари ёки амалий ҳаракатлари яқин орада муаммога ечим топадиган даражада эмас.
Партиялар ҳам худди репетиторга бормаган абитуриентдек, давлат тест имтиҳонлари қаршисида ожиз кўринмоқда.
Партия вакиллари на Олий таълим ва на Халқ таълимини бу борада яққол сабабчи эканлигини асослаб кўрсата олмади.
Тизимдаги камчиликларга ким томонидан йўл қўйилаётгани аниқланиб чора кўрилмас экан, муаммо ҳам, коррупция ҳам яшайверади.