Тошкент халқаро аэропортида парвозлар хавфсизлигини таъминлашнинг интеллектуал тизими жорий этилди
Ушбу тизим сунъий интеллект ёрдамида юқори хавфли ҳудудлардаги қушларни автоматик равишда аниқлаш, кузатиш ва ҳайдаш функцияларини бажариб, жараёнда инсон омилини сезиларли даражада пасайтиради. Тизим тўлиқ автоном тарзда ишлаб, ҳаво кемаларининг ҳаракатига қараб мустақил равишда фаоллашади ва ўчади.
Унинг махсус камералари қушларни кундузи 1000 метргача, тунда эса 400 метргача бўлган масофада аниқлашга қодир бўлиб, ҳатто мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳам ўз вақтида чора кўришни таъминлайди. Қушларни ҳайдашда йўналтирилган овозли ва ультратовуш сигналлардан фойдаланилади.
Қушлар ушбу таъсирга ўрганиб қолмаслиги учун сигналлар доимий равишда ўзгариб туради, шу билан бирга масофа ва атроф-муҳитга қараб овоз баландлиги тартибга солиниб, экотизимга салбий таъсир камайтирилади.
Мазкур тизим бир вақтнинг ўзида 256 тагача қушни аниқлаш ва кузатиш имкониятига эга бўлиб, бир нечта қурилмалар ҳамкорлигида қушларни хавфсиз зоналарга йўналтиради.
Шунингдек, тизим мутахассисларига таҳлил ва бошқарув осон бўлиши учун барча маълумотларни доимий равишда йиғиб боради.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА