“Зулфия издошлари–Янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги”
Бухорода шу номда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилги “Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиздаги энг фаол, ташаббускор ва иқтидорли қизлардан бир гуруҳи ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Улар орасида бухоролик икки нафар ёш истеъдод соҳибаси – Бухоро давлат педагогика институти педагогика йўналиши магистранти Меҳринисо Эргашева ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти оториноларингология мутахассислиги магистранти Вазира Файзуллаеванинг борлиги бухороликлар учун алоҳида ифтихор бағишлади.
Тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, жорий йилда давлатимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлган ёш истеъдод эгалари– Вазира Файзуллаева ва Меҳринисо Эргашевани самимий табриклади. Вилоят раҳбари сўзида мазкур мукофот нафақат шахсий ютуқ, балки юртимизда қизларнинг билим олиши, илм-фан ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилган кенг имкониятларнинг ёрқин самараси эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у ёш мукофот соҳибалари келгусида ҳам ўз билим ва салоҳиятларини юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида сафарбар этишига ишонч билдирди.
[gallery-28193]
Мазкур тадбирда жамоатчилик вакиллари, илм-фан намояндалари ҳамда фаол аёллар иштирок этди. Ўзбекистон Қаҳрамони Мартия Раҳматова, сенатор, вилоят марказидаги “Шайхул олам” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мойра Тошева, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артиқова ва бошқалар сўзга чиқиб, Зулфия издошларини юксак мукофот билан табриклади.
Зулфия номидаги давлат мукофоти мамлакатимизда ёш қизларни илм-фан, адабиёт, маданият, спорт ва ижтимоий фаолликка кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Шунингдек, бу мукофот нафақат ёш қизларнинг ютуқларини эътироф этиш, балки уларни янада катта мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида мукофот соҳибалари ўзларининг илм йўлидаги изланишлари, орзу ва мақсадлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, уларга билдирилган ишонч ва эътироф келгусида янада масъулият билан меҳнат қилишга ундаётганини таъкидлади.
Тадбир сўнггида Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаларига вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА