Хивада суд-тиббий экспертиза бўйича тренинг ўтказилди
Икки кунлик ўқув курслари Истанбул протоколи асосида қийноқлар ва шафқатсиз муомала ҳолатларини ҳужжатлаштириш мавзусига бағишланди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тренингда Бухоро, Хоразм, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан 60 нафар пенитенциар тизим тиббиёт ходимлари ва суд-тиббиёт экспертлари иштирок этди.

Ўқув курси давомида иштирокчилар шафқатсиз муомала ҳолатлари бўйича далилларни илмий асосланган ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри аниқлаш, қайд этиш ва ҳужжатлаштириш борасидаги билим ва кўникмаларини оширди.
– Қийноқларнинг белги ва асоратлари доим ҳам яққол кўринмаслиги мумкин. Тренинг доирасида мутахассисларни содир бўлган ҳолатларни пухта ҳужжатлаштириш ва адолат қарор топиши учун барча зарур чораларни кўришга ўргатяпмиз. Тиббиёт ва илм-фан инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кучли восита ҳисобланади, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен.
Тадбир доирасида Истанбул протоколини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳ аъзоси, халқаро эксперт Русудан Берияшвили жабрланганлар билан мулоқот қилиш ҳамда тан жароҳатлари ва бошқа далилларни ҳужжатлаштириш бўйича машғулотлар ўтказди. Пенитенциар тизим ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи Азамат Шамбилов эса қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий ва халқаро механизмлар ҳақида маълумот берди.

Тренингда ҳужжатлаштириш жараёни жабрланувчиларга қўшимча руҳий ёки жисмоний жароҳат етказмаслиги лозимлиги қайд этилди.
Бу каби ўқув курсларини 16-17-апрель кунлари Бухоро шаҳрида ҳам ўтказиш режалаштирилган.
ЎзА