Хоразмда “Voice Up – 2026” инклюзив оромгоҳи старт олди
Инклюзив келажак сари илк қадам, “Voice Up – 2026” лойиҳасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 50 нафар фаол, иқтидорли, ташаббускор ёшлар иштирок этмоқда. Албатта, улар орасида имконияти чекланган ёшларнинг ҳам борлиги лойиҳанинг ҳақиқий инклюзив руҳини намоён этиб, тенг имкониятлар муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Даставвал, лойиҳа иштирокчилари Урганч шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида тизим фаолияти билан таништирилди.

Шундан сўнг, Хоразм воҳасининг энг сўлим ҳудудида жойлашган Хонқа санаториясига йўл олди. Ушбу манзилда “Voice Up – 2026” иштирокчилари тантанали кутиб олинди.
Очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари С.Салоев ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Бердиев иштирок этиб, инклюзив оромгоҳ иштирокчиларини қутлади.

Уч кун давом этадиган тадбир дастурига мувофиқ, оромгоҳ доирасида турли йўналишларда мазмунли семинар ва тренинглар бошланди.
Малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг шахсий ривожи, психологик барқарорлиги ва ички мотивациясини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шунингдек, етакчилик кўникмалари, жамоа билан самарали ишлаш, замонавий фикрлаш ва ташаббускорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Интерактив семинарлар ва мастер-класслар эса иштирокчиларга янги билим ҳамда тажрибаларни амалий тарзда эгаллаш имконини беради.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири