Ёшлар билан футбол майдонида мулоқот
Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” сифатида ташкил этиш белгилангани ёш авлод билан ишлашнинг мутлақо янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Ушбу ташаббус доирасида соҳаларга масъул раҳбарлар ҳудудларга чиқиб, маҳалла, мактаб ва таълим муассасаларида ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва муаммоларини ўрганиб, долзарб масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шу каби очиқ мулоқотлар “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимида ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, жамият бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов томонидан ҳар пайшанба куни ёшлар билан самарали мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Навбатдаги мулоқот тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар иштирокида ноанъанавий тарзда – яшил майдонда ташкил этилди. Футбол баҳонасида бир жойга жам бўлган ёшлар билан суҳбат давомида уларнинг ташаббуслари, қизиқишлари ва таклифлари тингланди.
Учрашув давомида соҳада фаолият юритаётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, мулоқот чоғида соҳани янада ривожлантиришга қаратилган янги ғоя ва таклифлар илгари сурилди. Мутахассислар томонидан билдирилган ташаббуслар келгусида тизим фаолияти самарадорлигини ошириш, инновацион ёндашувларни кенг жорий этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА