Жаҳон чемпиони Сирдарёда тантанали кутиб олинди
Сирдарё вилояти спорти тарихига яна бир ёрқин саҳифа қўшилди. Таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган Ёсинбек Одилов Гулистон шаҳридаги ўзи таҳсил олган спорт муассасасида тантанали равишда кутиб олинди.
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ташкил этилган маросим кўтаринки руҳда ўтди. Унда спортчилар, мураббийлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ёш чемпионни самимий қарсаклар ва эзгу тилаклар билан қарши олдилар.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар Ёсинбек Одиловнинг ютуғини юксак баҳолаб, унинг ғалабаси ортида узоқ йиллик машаққатли меҳнат, изчил тайёргарлик ва мустаҳкам ирода мужассам эканини таъкидладилар. Қайд этилганидек, бу каби натижалар мамлакатимизда ёшлар спортига қаратилаётган эътиборнинг амалий самарасидир.
Маълумки, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Тошкент–2026” таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -48 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган сирдарёлик спортчи барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди. Финал учрашувида у Ўмон вакили Довуд Ал-Юсуфийга қарши татамига чиқиб, 2:0 (5:1, 11:9) ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.
– Бу ғалаба осонлик билан қўлга киритилмади. Унинг ортида йиллар давомида қилинган машаққатли меҳнат, тинмай олиб борилган машғулотлар ва синовли кунлар турибди. Энг аввало, менга доимий ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаб келган устозларим ва яқинларимдан чексиз миннатдорман. Уларнинг ишончи ва дуолари менга куч ва илҳом бағишлади. Ҳар бир ютуғимда уларнинг улуши беқиёс, – дейди жаҳон чемпиони Ёсинбек Одилов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири