Устоз шоиранинг янги китоблари – туйғу, ҳарорат, ҳиссиётнинг меваси
Устоз шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Фарида Афрўзнинг “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Шуур” номли китоби юртимиз адабиёт мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлди. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида мазкур китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, таниқли журналист ва адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқалар Фарида Афрўз ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўзлади.
– Ҳар бир китобнинг яратилиши ўзига хос байрамдир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Тақдимоти ўтказилаётган китобларга шоира Фарида Афрўзнинг орзулари, армонлари, изтироблари, қалб кечинмалари жамланган. Ушбу китоблар гўзал қалб кашфиётларини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.
[gallery-30240]
– Фариданинг ёзганлари туйғунинг, ҳароратнинг, ҳиссиётнинг меваси, – деди филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. – Унинг ижод намуналарини кўпинча ғайбга дахлдор аташ мумкин. Бу гўзал шеърлар санъаткорлар томонидан маромига етказиб ижро этилган. Шу сабабли Фарида Афрўз шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар миллионлаб тингловчиларнинг қалбини забт этган. Унинг шеърларини илоҳий туйғулар жунбуши деб ҳам аташ мумкин. Аслида унинг юрагида қанча армон, қанча изтироб тўлиб ётибди. Бу ижод намуналарини ҳам файласуф, ҳам шоир, ҳам қисматга исён қилган банданинг нолалари, дейиш мумкин.
– Фариданинг шеърлари одамни ўзига ром этиб қўяди, — деди адиб ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммад. – Унинг шеърлари гулдираб, оловдек, зилзиладек бўлиб, одамларнинг қалбига чўғдек бўлиб киради. Бу шеърларда шоира теша тегмаган гапларни ва уларнинг ифодасини ҳам катта маҳорат билан топа олади.
Адабий анжуманда Фарида Афрўз ижоди ҳақида, унинг янги китоблари ҳақида батафсил сўз юритилди. Устоз шоира мазкур китобларнинг яратилиши тарихи хусусида гапирди. Гўзал шеърлардан намуналар ўқилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари