Нафаси юракларни титратган куйчи
“Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Абдулаҳад Абдурашидов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Нафаси юракларни титратган куйчи” номли тантанали концерт дастури ташкил этилди.
Концертда Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли санъат ва маданият намояндалари, мақом усталари, хонандалар, созандалар ҳамда устоз санъаткорнинг шогирдлари иштирок этди. Мусиқий тадбирда устоз санъаткорнинг серқирра ижоди ва ўзбек миллий мусиқа санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси дилбар қўшиқлар, мумтоз куйлар орқали юксак эҳтиром билан намойиш этилди.
Мазкур ижодий кеча устоз санъаткорнинг бой меросини улуғлаш, миллий мақом ва мумтоз мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлод қалбида миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон халқ артисти Абдулаҳад Абдурашидов 45 йилдан ортиқ самарали меҳнат фаолияти давомида миллий мақом санъати ва мумтоз мусиқамизни ривожлантириш, асраб-авайлаш ҳамда дунё миқёсида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Устоз санъаткор 1990 йилдан буён Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли сафида фаолият юритиб, Шашмақом, Фарғона–Тошкент мақом йўллари ҳамда халқ ва бастакорлик ижодиётининг нодир намуналарини ижро этиш ва уларни келажак авлодга етказишда беқиёс хизмат қилмоқда.
Устоз санъаткор нафақат моҳир ижрочи, балки кўплаб истеъдодли ёшларнинг устози ҳамдир. У Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги академик лицейда ёш созандаларга сабоқ бериб, миллий ижрочилик мактабининг муносиб давомчиларини тарбиялашга катта ҳисса қўшди.

Абдулаҳад Абдурашидов Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ҳамда таниқли созанда Абдураҳмон Холтожиев билан биргаликда ташкил этилган “Виртуозлар учлиги” таркибида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек миллий мусиқа санъатининг юксак намуналарини намойиш этди. АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Франция, Германия, Туркия, Сингапур, Малайзия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва яна ўнлаб давлатларда ўтказилган нуфузли концерт ва фестивалларда юртимиз санъатини муносиб тарғиб қилди.
Устоз бастакор сифатида ҳам самарали ижод қилиб, “Най ноласи”, “Илтижо”, “Марғилон таронаси”, “Фарғона экан дўстлар”, “Гуллар рақси”, “Тантана” каби асарлари билан миллий мусиқа хазинасини бойитди.

Моҳир санъаткорнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб эътироф этилиб, 1995 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, 2000 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 2013 йилда “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени, 2020 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
Дарҳақиқат, Абдулаҳад Абдурашидовнинг ўзбек миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, мақом анъаналарини асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказиш йўлидаги хизматлари юксак эҳтиромга лойиқ.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири