Қалбларга экран орқали кириб келган Кумушбиби
Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси раҳбари Усмон Эратов бошчилигидаги уюшма жамоаси Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова хонадонига ташриф буюриб, улуғ санъаткорни таваллуд айёми муносабати билан муборакбод этди.
Учрашув давомида устоз санъаткорнинг миллий театр ва кино санъатини ривожлантириш, ўзбек маданиятини юксалтириш йўлидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, бетакрор ижодий мероси ҳамда ёш авлод тарбиясидаги беқиёс хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Театр арбоблари уюшмаси томонидан Гулчеҳра Жамиловага эзгу тилаклар билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди. Самимий суҳбат ва илиқ хотираларга бой кечган учрашувда устоз санъаткорнинг ҳаёт йўли, саҳна фаолияти ҳамда ўзбек театр санъатининг бугуни ва истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ўзбек аёлига хос шарқона назокат, самимият ва ички руҳий гўзалликни саҳна ҳамда кинода жуда табиий мужассам эта олган санъаткордир. Унинг образлари миллий қадриятлар ва аёл қалбининг туғёнларини ифодалайди.
Актриса ижодининг энг юксак чўққиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” фильмидаги Кумуш образидир. Гулчеҳра Жамилова бетакрор ижроси билан китобхонлар тасаввуридаги идеал ўзбек аёли қиёфасини экранда тўлақонли қайта тиклай олди. Бу образ ўзбек киносида назокат ва садоқатнинг ўлмас рамзи бўлиб қолди.

Гулчеҳра Жамилова ижодий фаолиятини дастлаб профессионал раққоса сифатида машҳур “Баҳор” давлат халқ рақс ансамблида бошлаган. Рақс санъати унга пластика, саҳна маданияти, имо-ишоралар орқали ҳис-туйғуларни сўзсиз етказиш сирини ўргатди. Кейинчалик ушбу нафислик театр ва кинодаги драматик ролларида ички бир гўзаллик ва ҳаракатлар мукаммаллигини таъминлади.
Актриса театрда ҳам, кино ва видеофильмларда ҳам бир-бирига ўхшамаган, характери жиҳатидан мураккаб бўлган ўнлаб образларни яратди. Унинг ижроси сохталикдан йироқ, ниҳоятда табиий ва томошабин қалбига тез етиб боради. Театрда Навоий, Бобур ва бошқа тарихий сиймолар даврини акс эттирган спектакллардаги Зебунисо, Нодирабегим, Бибихоним каби сиймолар ҳамда жаҳон классикасидан Дездемона (“Отелло”) роли актрисанинг юксак маҳоратини кўрсатди.
Замонавий асарларда эса ўзбек аёлининг ҳаётий кечинмалари ва ички изтиробларини жуда теран психологик бўёқларда очиб берди.
Гулчеҳра Жамилованинг нутқ маданияти, сўзларни ички дард ва мазмун билан, дона-дона қилиб етказиши томошабинни сеҳрлаб олади. Унинг овозидаги майинлик ва шу билан бирга драматик куч қаҳрамонларининг характерини тўлиқ ҳис қилишга ёрдам беради. Гулчеҳра Жамилова ижоди ўзбек театр ва кино санъатида аёл гўзаллиги, нафосати ва ички маънавий қудратининг бетакрор уйғунлигидир.
Табаррук ёшни қарши олган устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамиловага сиҳат-саломатлик, узоқ умр, ижод завқи янада бардавом бўлишини тилаб қоламиз.
Назокат Усмонова, ЎзА