Спорт: Синдоров Женевада, ёш футболчиларимиз Қатарда, гандболчи қизлар Олмаотада, UCI раҳбари Тошкентда
Ўтаётган ҳафтада мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт ҳаётида муҳим мусобақалар, тадбирлар, расмий учрашувлар ўтказилмоқдаки, бу, янги Ўзбекистон спортида янги ютуқлар, ўзига хос глобал ўзгаришлар даври экани билан аҳамиятли.
Жавоҳир Синдоров Женевада жаҳон шахмат тожи ва чемпионлик унвони учун кураш олиб бораётган бўлса, ўсмир футболчиларимиз Қатар яшил майдонларида Жаҳон чемпионлиги йўлидаги баҳсларда қатнашмоқда.
Шу билан бирга, гандболчи қизларимиз Қозоғистонда Осиё чемпионатида, стол теннисчиларимиз Хитойдаги халқаро турнирда қатнашаётган фурсатда юртимизда миллий спортимиз кураш бўйича мамлакат чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, шу кунларда мамлакатимизга бир қатор спорт турлари ва йўналишлари бўйича хорижий спорт делегациялари, тегишли халқаро федерация раҳбарларининг ташрифлари амалга оширилмоқда.
UCI раҳбари Давид Лаппартян Тошкентда
Бугун, 27 ноябрь куни Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) президенти Давид Лаппартян юртимизга келди.

Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат велоспорт федерацияси мутасаддилари кутиб олди.
Халқаро велосипедчилар иттифоқи делегацияси юртимизда велоспорт ривожи бўйича олиб борилаётган ишлар ва мавжуд инфратузилма билан танишиши, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Гандболчи қизларимиз Австралия билан куч синашади
Бугун, 27 ноябрь куни гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Олмаотада ўтаётган 21-Осиё чемпионатининг навбатдаги баҳсида Австралия терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Айтиш лозимки, келгуси йили Венгрияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг 4 та йўлланмаси ўйналадиган мазкур қитъа чемпионатида Осиёнинг 10 та мамлакат терма жамоалари “А” ва “Б” гуруҳларида ўзаро рақобатлашмоқда.
“А” гуруҳида Япония, Эрон, Хитой, Гонконг ва Таиланд жамоалари, “Б” гуруҳида Жанубий Корея, Қозоғистон, Ҳиндистон, Австралия ва Ўзбекистон жамоалари куч синашмоқда.
Чемпионат тақвимига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ортда қолган кунларда Жанубий Корея ва Қозоғистон жамоалари билан тўқнаш келиб, ҳар икки учрашувда имкониятни бой берди.
Ҳамюртларимиз “Б” гуруҳидаги сўнгги ўйинни 28 ноябрь куни Ҳиндистон жамоасига қарши ўтказади. Чемпионат 3 декабрга қадар давом этади.
Футзал: Бугун Олий лигада 3 та жуфтлик ўйинлари ўтказилади
Пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида футзал бўйича ўтказилаётган Ўзбекистон ХХХ миллий чемпионати — Олий лига 4-тур мусобақасининг иккинчи кунида 3 та жуфтликдаги ўйинлар бўлиб ўтади.

Бугун, 27 ноябрь куни Наманганнинг "Лочин" жамоаси Қаршининг “Насаф”, Олмалиқнинг “Олмалиқ” футзалчилари Жиззахнинг “БМБ ПФC” ва Бухоронинг Нурафшон” жамоаси Чирчиқнинг “Максам-Чирчиқ” вакиллари билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, ХХХ миллий чемпионатнинг биринчи даврасига якун ясайдиган 4-тур мусобақалари 29 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА