Кураш: “Олимпия шаҳарчаси”да янги чемпионлар аниқланади
Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”даги жамоавий спорт турлари мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мамлакатимизнинг энг кучли полвонларини бир майдонга жамлади.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов ҳамда Тошкент шаҳар прокурори Анвар Ўрмонов мамлакат чемпионатининг аҳамияти, беллашувлар натижасида халқаро кураш мусобақаларида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоа аъзолари сараланиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлашди.
Йилнинг энг муҳим мусобақаларидан бири саналган мамлакат чемпионатининг биринчи кунида эркаклар -60, -66 килограммда, курашчи хотин-қизлар -48, -52 ва -57 кило оғирликда совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Шиддатли беллашувлар натижасига кўра, эркаклар ўртасида сурхондарёлик Асадбек Сайдуллаев ва навоийлик Отабек Ҳасанов, аёллар ўртасида тошкентлик Гўзал Холмўминова ва Ситора Элмуродова, сирдарёлик Фотима Қодирова ғолиблик шоҳсупасига эга чиқди.
Ўзбекистон чемпионати мусобақалари 28 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА