Миллий чемпионатнинг 4-тури муросасиз баҳслар билан бошланди
Кеча пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон ХХХ миллий чемпионати — Олий лиганинг 4-тур баҳсларига старт берилди.
Турнинг биринчи кунида учта учрашув бўлиб ўтди. Жамоалар майдонда ғалаба учун муросасиз кураш олиб бориб, мухлисларга қизиқарли ва шиддатли ўйинларни тақдим этди.
Куннинг дастлабки учрашувида «Самарқанд» ва «Насаф» жамоалари ўзаро куч синашди. Ҳар икки жамоа рақиб дарвозасига йўл топиш учун бир қатор ҳужумлар уюштирди. Бироқ баҳс давомида дарвозалар дахлсизлигини сақлашга интилган жамоаларнинг ҳаракатлари ўз самарасини берди. Учрашув 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.
Иккинчи баҳсда «Максам-Чирчиқ» ҳамда «СҚБ» жамоалари майдонга тушди. Ушбу учрашув голларга бой бўлди. Саноат қурилиш банки футзалчилари рақиб дарвозасига олтита тўп киритиб, чирчиқликларни 6:2 ҳисобида мағлуб этди.
Куннинг сўнгги учрашувида «Зарафшон» ва «Хоразм» жамоалари баҳс олиб борди. Хоразмликлар учрашувни юқори суръатда бошлаб, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ рақиб дарвозасига тўртта жавобсиз гол киритишга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар ҳужумкор ўйин намойиш этиб, яна тўртта гол қайд этилди. Якунда «Хоразм» 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
[gallery-32749]
Шу тариқа, миллий чемпионатнинг 4-тур баҳслари қизғин рақобат ва сермаҳсул ўйинлар билан бошланди.
Турнинг навбатдаги учрашувлари бугун, 27 ноябрь куни давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА