“Сен истеъдодлисан” танлови ғолиблари аниқланди
Нукус шаҳрида “Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман!” шиори остида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ўртасида ўтказилаётган “Сен истеъдодлисан” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Танлов алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 68 нафар ўқувчи иштирок этиб, эстрада-вокал, анъанавий ижрочилик ва тасвирий санъат йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этди.
Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган танлов якунларига кўра, эстрада-вокал ва анъанавий ижрочилик йўналишларида Тўрткўл туманидаги 30-мактаб ўқувчилари Ҳасанбой ва Ҳусанбой Аҳмедов, тасвирий санъат йўналишида эса Нукус шаҳридаги 24-мактаб ўқувчилари Дилноза Умрзоқова ва Лола Тўлқинова биринчи ўринга сазовор бўлди.
[gallery-32404]
Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА