“Ўзбекистон - 2030” стратегияси: 67 мингдан ортиқ квартира фойдаланишга топширилди
Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлишни, фарзандлари билан шинам ва қулай хонадонда яшашни истайди. Янги уйнинг калитини қўлга олиш эса инсон ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бири. Шу маънода, юртимизнинг турли ҳудудларида қад ростлаётган кўп қаватли уйлар ва янги турар жойлар минглаб оилалар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Ана шу эзгу мақсад йўлида мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, замонавий турар жойлар қуриш ва ҳудудларда қулай яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада урбанизация даражасини ошириш, янги турар жой массивларини барпо этиш ва зарур инфратузилмани ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг матбуот котиби - Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Равшана Умарованинг таъкидлашича, кейинги ўн йилликда уй-жой қурилиши соҳасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган. Бу эса аҳолининг турар жой шароитларини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
– Сўнгги 10 йилда мамлакатимизда 12 мингта кўп қаватли уй қурилди. Натижада 600 мингдан ортиқ хонадон янги эгаларига топширилди. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони ҳам 19,2 квадрат метрдан ошди.
Бугун республика аҳолиси 39,5 миллион кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда урбанизация даражаси 54,4 фоизга етган. “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида эса ушбу кўрсаткични 60 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Бу мақсадга эришиш шаҳарсозлик, уй-жой қурилиши ва зарур инфратузилмани янада ривожлантиришни тақозо этади.
Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Ҳозирга қадар 67 минг 859 та квартира фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 минг 683 тага кўп бўлиб, ўсиш суръати 25,2 фоизни ташкил этди, – деди Р.Умарова.
Уй-жой қурилиши ҳақида гап кетганда, “Янги Ўзбекистон” массивларини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Бу лойиҳалар асносида ҳудудларда янги турар жойлар барпо этиш билан бирга, аҳоли учун замонавий яшаш муҳитини шакллантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2022-2025 йиллар давомида мазкур массивларда 55 минг 264 та квартира қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда. Хусусан, 61 та массивда жами 33 минг 926 та квартира қуриш режалаштирилган. 1 октябрь ҳолатига уларнинг 13 минг 408 таси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Уй-жой қурилишидаги бундай кўрсаткичлар соҳадаги ишлар кўламини намоён этади. Зеро, ҳар бир янги хонадон - яна бир оила учун қулай яшаш шароити, янги манзил ва келажакка ишонч демакдир. Энг муҳими, бу жараёнлар ҳудудларнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА