Озиқ-овқат хавфсизлиги талаби асосида
Самарқанд вилоятида бугунги кунда 1 миллион 759 минг бош қорамол, 2 миллион 719 минг бош қўй-эчки, 31 минг бош от, 16 миллиондан ортиқ парранда парваришланмоқда.
Вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, чорва ва уй ҳайвонларнинг юқумли касалликларига қарши мавсумий эмлаш тадбирларини ўтказиш, эпизоотияга қарши профилактика тадбирларини уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида 530 нафардан ортиқ ходимлар жалб этилиб, 83 та гуруҳ ташкил этилган.
– Мазкур гуруҳлар томонидан “маҳаллабай” ва “хонадонбай” эмлаш ишлари ташкил этилган, – дейди бошқарма масъул ходими Бахтигул Ғаниева. – Ўтказилган кунлик тадбирлар туман ва вилоят штабларида таҳлил қилиб борилмоқда. Белгиланган чора-тадбирлар режасига кўра, 513 минг бош қорамол, 303 минг бош қўй-эчки оқсилга қарши, 779 минг бош қорамол ва 851 минг қўй-эчки куйдирги касаллигига қарши эмланди. Бундан ташқари, йил бошидан буён вилоят ҳудудига хориждан олиб келинган 1 минг бошдан ортиқ наслли қорамол, 950 бош қўй, гўшт учун 2 минг бош қорамол ҳамда 424 минг бош бир кунлик наслли жўжа белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилган ҳолда киритилмоқда. Бугунги кунда вилоят ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларидан холи, эпизоотик ҳолатни барқарор сақлаш юзасидан мониторинг ўрнатилган.
Вилоятдаги барча деҳқон бозорларида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари фаолият кўрсатмоқда ва аҳоли истеъмоли учун савдога чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг ветеринария жиҳатидан хавфсизлиги доимий ўрганилиб, сўнгра сотишга рухсат берилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири