Қурилиш бўйича ҳудудий масъуллар лавозимидан озод этилди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида вазир Ш.Ҳидоятов раислигида кенгайтирилган танқидий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда соҳадаги долзарб муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, айниқса коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда архитектура-назорат тизимидаги камчиликлар танқидий таҳлил этилди.

Ҳудудий бошқармалар фаолиятида йўл қўйилаётган қатор қўпол хато ва тизимли камчиликлар соҳадаги самарадорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда назоратнинг сустлиги, меъёрий талабларнинг очиқчасига бузилиши ҳамда ижро интизомининг етарли даражада эмаслиги кескин танқид қилинди. Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда асоссиз рад этиш ҳолатлари, белгиланган муддатларга амал қилмаслик ва лойиҳаларни келишиш жараёнидаги камчиликлар тизимли муаммо сифатида қайд этилди.

Коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, айрим ҳудудларда бу йўналишдаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, назорат механизмлари етарлича самара бермаяпти. Масъул ходимлар томонидан бепарволикка йўл қўйилаётгани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига оид ҳолатларни бартараф этишда тизимли ёндашув етишмаётгани ҳам кескин баҳоланди.
Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Аризаларни кўриб чиқишда асоссиз рад этиш ҳолатлари, муддатларнинг бузилиши ҳамда бир хил лойиҳаларга турлича ёндашувлар мавжудлиги соҳада очиқлик ва ишонч муҳитига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Давлат архитектура назорати департаменти фаолияти ҳам кескин танқид остига олинди. Айрим ҳудудларда ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва бартараф этиш ишлари суст ташкил этилгани, мавжуд имкониятларга қарамасдан, назорат амалда етарли даражада олиб борилмаётгани қайд этилди. Натижада ноқонуний қурилишлар ўз вақтида аниқланмаётгани ва уларни бартараф этиш кўрсаткичлари пастлигича қолаётгани айтилди.
Шунингдек, айрим ҳудудларда умуман ноқонуний қурилиш ҳолатлари аниқланмагани назорат тизими самарадорлигига жиддий шубҳа уйғотиши таъкидланди. Бу эса масъул раҳбар ва мутахассислар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Йиғилиш якунида соҳада совуққонлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ҳамда мутахассисларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, Тошкент шаҳри, Навоий, Андижон, Бухоро, Жиззах ва Фарғона ҳудудлари раҳбарлари ҳамда масъулларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шу билан бирга, вазирликнинг Наманган, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари бош бошқармалари раҳбарлари ҳамда қатор ҳудудий масъуллар лавозимидан озод этилди.

Йиғилишда соҳада тартиб-интизомни тубдан мустаҳкамлаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда архитектура ва қурилиш назоратини кескин кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА