Стратегик ёндашувлар мамлакатимизнинг глобал таъминот занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишидаги нутқида таъкидланганидек, бугунги кунда ўзаро боғлиқ ва барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш нафақат иқтисодий, балки минтақавий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев шу ҳақда муносабат билдирди:
– Жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар ва логистика занжирларидаги узилишлар Марказий Осиё давлатлари учун жиддий чақириқларни юзага келтирмоқда.
Юк ташиш харажатларининг 30 фоизгача ошиши ва етказиб бериш муддатларининг бир неча ҳафтага кечикиши ташқи савдо самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу эса, минтақада янги, муқобил ва ишончли транспорт йўлакларини ривожлантириш заруратини янада кучайтирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси стратегик аҳамиятга эга йирик инфратузилмавий ташаббус сифатида баҳоланиши лозим.
Мазкур йўлак Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим кўприк вазифасини бажариб, бутун минтақанинг транзит салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади.
Юкларни етказиб бериш муддатининг 10 кунгача қисқариши ва йиллик 15 миллион тонна юк ташиш имконияти яратилиши – бу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги юқори эканидан далолат беради.
Айниқса, Осиё тараққиёт банки доирасида амалга оширилаётган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Рақамли божхона ва логистика альянси”ни ташкил этиш ташаббуси айнан шу эҳтиёжларга жавоб берадиган илғор ёндашув ҳисобланади.
Мазкур альянс доирасида божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш, ҳужжатлар айланишини тўлиқ рақамлаштириш ва чегара орқали юк ташиш жараёнларини соддалаштириш имконияти яратилади.
Бу эса, нафақат вақт ва харажатларни қисқартириш, балки минтақада савдо-сотиқ ҳажмини оширишга ҳам хизмат қилади.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ушбу ташаббуслар Ўзбекистонни минтақавий транзит хабга айлантириш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Сенатор сифатида таъкидлашим жоизки, бундай стратегик ёндашувлар мамлакатимизнинг глобал таъминот занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА