Сохта “кадастрчи”лардан огоҳ бўлинг
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ҳудудларда ер ва мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари белгиланган режа-жадвал асосида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Кадастр агентлиги мутахассисларининг қайд этишича, мазкур жараён доирасида ер участкалари ва объектларни ўрганиш, ўлчаш ва хатлов ишлари тўлиқ бепул тарзда олиб борилади. Ҳеч қандай қўшимча тўловлар талаб этилмайди.
Шу муносабат билан аҳоли ўртасида турли фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фуқаролар огоҳликка чақирилмоқда. Хусусан, “кадастр қилиб бераман”, “ҳужжатларни тезлаштириб бераман”, “рухсат олиб бераман” каби ваъдалар билан ноқонуний хизмат таклиф қилаётган шахсларга ишонмаслик лозим.
Эслатиб ўтилади, ҳар қандай пул талаб қилиш ҳолатлари сохта фаолият аломати ҳисобланади. Кадастр агентлиги ходимлари эса ўз хизмат вазифаларини фақат белгиланган тартибда, махсус хизмат кийими ва шахсини тасдиқловчи гувоҳнома (бейжик) асосида амалга оширади.
Шунингдек, “алоҳида тўлов эвазига ишни тезлаштириб бериш” ёки “масалани осон ҳал қилиб бериш” каби таклифлар ҳам қонунга зид ҳисобланади. Бундай ҳолатларда фуқаролардан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади.
Кадастр агентлиги барча юртдошларни расмий манбаларга таяниб иш тутишга, шубҳали ҳолатларга дуч келганда эса зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақирмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА