Ўзбекистонга энг кўп гўшт Ҳиндистондан импорт қилинган
2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга хориждан 359,5 миллион АҚШ доллари қийматида 72 минг тонна мол гўшти импорт қилинди. Бу кўрсаткич мамлакат ички бозорида гўшт маҳсулотларига бўлган талабни таъминлашда импортнинг ҳам сезиларли ўрин тутаётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳисобот даврида мол гўшти импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 минг тоннага ёки 9,1 фоизга ошган. Демак, бир йилда импорт ҳажмининг қарийб ўн фоизга ўсиши ички бозордаги талаб, таклиф ва нархлар барқарорлигини таъминлаш масаласи долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади.
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга мол гўшти асосан Осиё ва Европа мамлакатларидан олиб кирилган. Импорт ҳажми бўйича етакчи давлатлар ичида Ҳиндистон етаки бўлиб 33,9 минг тонна гўшт импорт қилинган. Беларусь – 19,6 минг тонна, Қозоғистон – 10,6 минг тонна, Покистон – 4 минг тонна ва бошқа давлатлардан 4 минг тонна гўшт импорт қилинган. Келтирилган рақамлар импорт географиясида Ҳиндистоннинг улуши жуда юқори эканини кўрсатмоқда. Ундан кейин Беларусь ва Қозоғистон асосий етказиб берувчилар сифатида қайд этилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, 72 минг тонна мол гўшти импортининг 33,9 минг тоннаси Ҳиндистон ҳисобига тўғри келган. Бу умумий импорт ҳажмининг қарийб 47 фоизи демакдир. Беларусдан келтирилган маҳсулот ҳажми 19,6 минг тоннани ташкил этган бўлса, Қозоғистондан 10,6 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Шу тариқа, ушбу уч давлатнинг ўзи Ўзбекистонга олиб кирилган мол гўшти импортининг асосий қисмини таъминлаган.
Мол гўшти импортининг ўсишини бир нечта иқтисодий омиллар билан боғлаш мумкин. Аввало, аҳоли сони ва истеъмол талабининг ортиши ички бозорда гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни оширади. Иккинчидан, импорт ички бозордаги талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни таъминлаш воситаларидан бири ҳисобланади. Етарли ҳажмда маҳсулот кириб келиши бозорда таклифни кўпайтириб, нархлар кескин ўсишининг олдини олишга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, импорт ҳажмининг ортиши ички чорвачиликни ривожлантириш масаласини ҳам кун тартибига қўяди. Чунки узоқ муддатли истиқболда аҳолининг гўштга бўлган талабини асосан маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қондириш озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан муҳим.
Биринчи ярим йилда импорт қилинган 72 минг тонна мол гўштининг умумий қиймати 359,5 миллион долларни ташкил этган. Оддий ҳисоб-китоб бўйича, импорт қилинган бир килограмм мол гўштининг ўртача божхона қиймати тахминан 5 АҚШ долларига тўғри келади. Бироқ бу кўрсаткични чакана бозордаги нарх билан тўғридан-тўғри таққослаш тўғри эмас, чунки импорт қийматига логистика, божхона тўловлари, сақлаш, қайта ишлаш, савдо устамалари ва бошқа харажатлар таъсир қилади.
Умуман, мол гўшти импортининг бир йилда 9,1 фоизга ўсиши ички бозорда талаб юқорилигини кўрсатувчи муҳим кўрсаткичлардан бири. Энди асосий масала – импорт билан бир қаторда маҳаллий чорвачилик салоҳиятини ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ички ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришдан иборат. Бу омиллар таъминланса, келгусида ички бозорда гўшт таклифи кўпайиши, импортга бўлган эҳтиёжнинг нисбатан камайиши ва озиқ-овқат хавфсизлигининг янада мустаҳкамланиши учун замин яратилади.
Ш. Маматуропова,
ЎзА