Андижонда товуқ етиштиришга ихтисослашган комплекс барпо этилади
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитойнинг "Beijing Huadi Yukou Poultry Co. LTD" компанияси раҳбариятини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги, хусусан, қулай инвестиция муҳитига эга Андижон вилоятида хитойлик тадбиркорлар иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди.
Мулоқот давомида ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳалари ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, тухум ва парранда гўшти етиштириш, паррандалар селекцияси, наслчилик, инкубация, наслли жўжа ҳамда тухум ишлаб чиқариш йўналишида йирик лойиҳани амалга ошириш юзасидан таклифлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Замонавий ва илғор технологиялар асосида паррандачилик соҳасида фаолият юритувчи, катта ва кўп йиллик халқаро тажрибага эга “Beijing Huadi Yukou Poultry Co. LTD” компанияси ҳамда “Барака ҳамкор парранда” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида Хонобод шаҳрида оналик товуқларини етиштиришга ихтисослашган замонавий комплекс ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидлаш керак, бугунги кунга қадар вилоятга оналик товуқлар Венгрия ва бошқа Европа давлатларидан ҳар бирига ўртача 11 АҚШ долларидан импорт қилиб келинар эди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан шубҳасиз, вилоятда паррандачилик ривожи янада юқори босқичга кўтарилади.


Янги комплекс фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ҳар йили 2 миллион 500 минг бош юқори наслли, “супер элита” тоифасига мансуб оналик товуқлар маҳаллий шароитда етиштирилади.

Мазкур лойиҳа импорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш билан бирга, йилига тахминан 25 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта маблағини тежаш имконини беради. Энг муҳими, ички бозорда паррандачилик маҳсулотлари нархининг 30–40 фоизга арзонлашиши кутилган.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари