Наманган ва Ўш тадбиркорлари ҳамкорлиги мустаҳкамланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қўшни юртга амалга оширилган ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилгани ҳақида шартнома имзолангани бунинг ёрқин далилидир. Таъкидлаш жоизки, ҳар икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳудудлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Азалдан тили, дили, дини бир, мақсадлари муштарак бўлган, бир ариқдан сув ичиб келган қардош ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда мутлақо юқори босқичга кўтарилди.
Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳридаги ўттиздан ортиқ фаол тадбиркор ва ишбилармонлар доираларидан иборат делегация Наманган вилоятида бўлди. Ўзбекистоннинг Қирғиз Республикасидаги Ўш шаҳри Бош консули Зафарбек Аҳмедов бошчилигидаги меҳмонлар иштирокида икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар уюштирилди.
Даставвал, Наманган вилояти инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси мажлислар залида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Оқибжон Иномов ҳамда делегация аъзолари иштирокида музокара бўлиб ўтди.

Унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, савдо айланмасини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Қардошларимиз ташриф чоғида Наманган вилоятида фаолият юритаётган бир қатор йирик саноат субъектлари саналган “Art soft tex”, "Fazman textile", "Gidro Plast", "Мегатон", "Мумтоз" , "Art Ceramics" корхоналари фаолияти билан танишди. Меҳмонларга корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт салоҳияти, замонавий технологиялар асосида ташкил этилган иш жараёнлари ҳамда инвестиция имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.


Ташриф давомида Тўрақўрғон туманидаги “Фаввора” оилавий дам олиш маскани ҳудудида жойлашган ҳайвонот боғи ҳам кўздан кечирилди. Қўшниларимиз бу жойдаги замонавий инфратузилма, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар ва туризм салоҳиятини алоҳида эътироф этди.


Ташриф якунида қирғизистонлик делегация аъзолари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда тегишли ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирокида “G2B” (давлат ва бизнес) ҳамда “B2B” (бизнесдан бизнесга) шаклларида музокаралар ташкилланди.

Ўзаро учрашувларда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт-импорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида тадбиркорлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашиб, қатор келишувларга эришди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги дўстликка асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қолаверса, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири