Хитой компанияси Навоий учун суткасига 200 минг куб метр қувватли сув иншооти қуришни таклиф қилди
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада нуфузли хорижий компаниялар билан амалга оширилаётган мулоқотлар янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун муҳим замин яратмоқда.
Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Аҳмад Сувонқулов Хитой Халқ Республикасининг “China Energy Overseas Investment Co., Ltd” компанияси вице-президенти Ли Яхонг бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Музокаралар давомида Навоий шаҳрида янги замонавий ичимлик сувини тозалаш иншоотини қуриш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳага илғор технологияларни жорий этишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Навоий шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳа бўйича барча техник ва иқтисодий жиҳатларни чуқур ўрганиш, мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб энг мақбул ечимни шакллантириш зарур, – деди Аҳмад Сувонқулов.

Музокаралар давомида Хитой компанияси вакиллари Навоий шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган янги ичимлик сувини тозалаш иншоотининг лойиҳа қувватини 2050 йилгача бўлган ичимлик сувига эҳтиёж прогнозлари асосида шакллантиришни таклиф этди.
Учрашув якунида лойиҳа доирасида хорижий компания таклиф этган технологик ечимларни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди.

Томонлар мазкур ҳамкорлик сув таъминоти соҳасида ўзаро манфаатли шерикликни янги амалий лойиҳалар билан бойитиш, Навоий шаҳрининг истиқболдаги ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини ишончли таъминлаш ҳамда замонавий сув таъминоти инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА