Ўзбекистонлик математика олимаси Халқаро математика иттифоқи қўмитаси аъзолигига сайланди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Халқаро математика иттифоқи Бош Ассамблеясининг навбатдаги нуфузли йиғилиши бўлиб ўтди.
Дунёнинг етакчи математиклари, миллий жамиятлар раҳбарларини бир давра атрофида жамлаган мазкур халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол қатнашди.
Йиғилиш доирасида мамлакатимиз илмий ҳамжамияти учун қувончли ва тарихий воқеа юз берди. Хоразм Маъмун академияси бош илмий ходими, профессор Умида Болтаева ИМУнинг Ривожланаётган давлатлар қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу муносиб эътироф ўзбекистонлик математикларнинг жаҳон илм-фанидаги нуфузи ва ўрни тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Шунингдек, нуфузли анжуман муҳокамаларида Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти лаборатория мудири, профессор Равшан Ашуров ҳам фаол иштирок этди. Олим хорижлик ҳамкасблар билан ўзаро илмий ва институционал алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
Тадбир якунларига кўра, ушбу халқаро учрашувлар миллий математика мактабимизнинг глобал майдондаги мавқеини юксалтириш, халқаро ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда ёш олимлар учун янги имкониятлар эшигини очишда муҳим босқич бўлди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА