Сирдарё ва Афғонистон ишбилармонлари Гулистонда учрашди
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида “Сирдарё – Афғонистон” инвестиция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини бир майдонга жамлаган анжуман савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форумда 110 нафардан ортиқ афғонистонлик ҳамда 200 нафардан зиёд сирдарёлик тадбиркорлар иштирок этишди. B2B шаклида ташкил этилган учрашувларда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, логистика, экспорт-импорт операциялари ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур форум Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистонга амалий ташрифининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди. Ўшанда бўлиб ўтган музокаралар натижасида умумий қиймати 539 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳалари ва савдо-иқтисодий келишувларга эришилган эди. Гулистондаги учрашув мазкур келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш, лойиҳалар ижросини жадаллаштириш ва янги ташаббусларни илгари суришга хизмат қилди.
Форумни Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов очиб берди. У ўз нутқида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги кўп асрлик қўшничилик ва биродарлик ришталари бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Сирдарё вилоятида хорижий сармояларни жалб қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг қулай географик жойлашуви, транспорт-логистика имкониятлари, эркин иқтисодий зоналар фаолияти ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
[gallery-30522]
Анжуманда Афғонистон Савдо-саноат ва инвестициялар палатаси раиси Саид Карим Ҳошимий ҳам иштирок этди. У Ўзбекистонда, айниқса Сирдарё вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш ва савдо алоқаларини кенгайтириш ҳар икки мамлакат тадбиркорлари учун янги истиқболлар очишини таъкидлади.
Форум доирасида ўтказилган B2B музокараларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ташқи савдо айланмасини ошириш, логистика хизматларини ривожлантириш, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда экспорт қилиш, шунингдек, ишбилармонлар ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан амалий фикр алмашилди.
Тадбир доирасида Сирдарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳсулотлар ҳамда инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу иштирокчиларга ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари билан яқиндан танишиш, истиқболли лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб бориш имконини берди.
Форум якунида бундай мулоқотлар ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, янги шериклар топиш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий муносабатлар кўламини кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Иштирокчилар мазкур учрашувлар келгусида аниқ инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши, янги қўшма корхоналар ташкил этилиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши учун мустаҳкам пойдевор яратишига ишонч билдирдилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА