Хавфсиз ҳудуд – барқарор тараққиёт кафолати
Бухоро вилоят ички ишлар бошқармасида ҳудудда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида содир этилган жиноятлар таҳлили шаҳар ва туманлар бўйича атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, маҳаллаларда юз бераётган жиноятчилик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимларига жиноятчилик ҳолатини ҳар ой якуни билан муҳокама қилиб бориш, аниқ чоралар кўриш бўйича қатъий вазифалар юклатилди. Шундан сўнг соҳадаги мутасадди раҳбар ва масъулларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Тадбирда вилоят прокурори сўзга чиқиб, Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан бирида содир этилган оила-турмуш доирасидаги ўта оғир жиноят ҳақида тўхталди. Ушбу ҳолат юзасидан ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани таъкидланди. Шунингдек, маҳалла масъуллари томонидан йўл қўйилган бошқа қонунбузарликлар ҳам танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Йиғилиш кун тартибидан рақамли хавфсизлик масалалари ҳам ўрин олди. Бу борада кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган замонавий ахборот тизимлари, жумладан “Cybershielduz_bot” ҳамда бошқа рақамли платформалар фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди. Шунингдек, киберхавфсизликни таъминлашда илғор тажрибалардан фойдаланиш, хусусан, Жиззах вилояти тажрибасини жорий этиш ва бу йўналишда вилоят ҳокимининг алоҳида қарори ишлаб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Масъуллар томонидан ҳудудда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.

Йиғилишда яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз умумхалқ байрамларини юқори савияда, тинч ва хавфсиз муҳитда ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Байрам тадбирлари давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини сақлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Вилоят ҳокими барча мутасадди раҳбарларга жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли тинчлигини таъминлаш юзасидан аниқ муддатлари белгиланган топшириқ ва вазифалар берди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш эса ҳудудда барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири