“General Motors” компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида автомобилсозлик ҳамда техник тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Жўрабек Шакаров АҚШнинг етакчи автомобилсозлик компанияларидан бири – “General Motors” компанияси ҳамда “GM Uzbekistan” мутасаддилари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги саноат ҳамда савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Музокараларда “General Motors” компаниясининг Ўзбекистон автомобилсозлик саноатини ривожлантириш ва диверсификация қилишдаги ўрни алоҳида қайд этилди. Хусусан, кейинги беш йил мобайнида мамлакатимизда 1,6 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилгани, Ўзбекистон Chevrolet бренди учун АҚШдан кейинги иккинчи йирик бозорга айлангани ҳамда Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида савдо ҳажми бўйича етакчи ўринларни эгаллаётгани таъкидланди.
Учрашув чоғида хавфсизлиги кафолатланмаган ёки техник талабларга жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларининг бозорга чиқарилишининг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган замонавий автомобиль полигонидан (синов мажмуасидан) ҳамкорликда фойдаланиш бўйича таклиф ҳам билдирилди. Бу ташаббус транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш ва сифат назоратини янада кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, музокараларда АҚШ Федерал автотранспорт воситалари хавфсизлиги стандартлари (FMVSS)дан фойдаланиш ва уларни амалиётга жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон томони мамлакатда автотранспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш жараёнлари ҳозирда БМТ келишувлари доирасида қабул қилинган халқаро қоидалар асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунида “General Motors” компанияси вакиллари жорий йилнинг 22 июнь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги делегацияси билан навбатдаги учрашувни ўтказишга тайёр эканликларини билдирди. Томонлар ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш, замонавий стандартлар ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан келишувга эришди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон автомобилсозлик саноатини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА